O‘zbekistonda kambag‘allikni aniqlashning milliy mezonlari
Т. Ahmedov
i.f.d., professor
R. Hasanov
i.f.d., professor
G. Alimova
i.f.n., dotsent
Prognozlashtirish va makroiqtisodiy tadqiqotlar instituti
Annotatsiya:
Maqolada kambag‘allikni aniqlashning O‘zbekistonga xos xususiyatlari, kambag‘allik bilan bog‘liq omillar va iqtisodiyotning rivojlanganlik darajasi o‘zaro aloqadorlikda tahlil qilingan. Bunda, tabiiy-iqlim shart-sharoitlari va geografik joylashuv, demografik o‘zgarishlar va ekologik vaziyat, milliy an’analar va ma’naviy qadriyatlar, islom dini va tarixiy meros kabi masalalar muhim ahamiyat kasb etishi ta’kijlangan. Asosiy e’tibor aholining iste’mol xususiyatlariga qaratilgan holda kambag‘allik mezonlarini belgilash maqsadga muvofiqligi yuzasidan tegishli takliflar berilgan.
Kalit so'zlar:
Kambag‘allik, mezonlar, kambag‘allik omillari, iste’mol tarkibi, turmush tarzi va kambag‘allik, iqtisodiy salohiyat, ekologiya, demografiya, uy xo‘jaligi, milliy an’ana va qadriyatlar, nafaqa, yordam, farovonlik.
Ўзбекистонда камбағаллик, уни қисқартириш масаласи ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий кун тартибига айланди. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, турмуш даражасининг кескин тушиб кетишининг олдини олиш, айни пайтда кишиларнинг даромад манбаларига эга бўлишлари учун шарт-шароитлар яратиш комплекс масала сифатида юзага чиқмоқда.
Ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш бир бирига ўзаро боғлиқ масала сифатида қаралсада, уларга нисбатан ёндошувлар фарқланади. Ижтимоий ҳимоя айрим тоифадаги кишилар ёки оилалар ўзларининг ижтимоий мақомига кўра, ўзини ёки оиласини, объектив тарзда, зарурий моддий ва номоддий неъматлар билан таъминлаш имкониятига эга эмаслар. Масалан, аҳоли ўртасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ижтимоий ҳимоялаб туриш. Бу масаланинг бир томони бўлиб, ушбу тоифадагилар доимий ҳимояга мухтождирлар. Бундаги ёндошув шуки, таъминот орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деган фикр мавжуд. Бу – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди. Камбағалликни кисқартириш эса ўзига хос ёндошувни талаб этади – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишга қаратилган бўлиши лозим. Бундан ташқари, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак.
Сўнгги йилларда камбағаллик муаммосини ўрганиш учун ишлатилиши мумкин бўлган оммавий маълумотлар базаларини яратишда сезиларли ютуқларга эришилди. Улар камбағалликни тавсифлаш ва камбағаллик омиллари, аниқ дастурлар ва сиёсат ислоҳотларининг камбағалликка таъсири тўғрисида кўплаб фаразларни синаб кўришимизга имкон беради.
Масалан, камбағал ва камбағал бўлмаган одамлар ёки уй хўжаликларининг хусусиятларини таққослаб, мезонлар асосида камбағалликни аниқлаш ва камбағалликка қарши курашда бериладиган ёрдамнинг ўзига хос параметрларини аниқлаш мумкин. Қоида тариқасида камбағалликни аниқлаш учун қуйидаги йўналишдаги маълумотлар қўлланилади:
- оила аъзоларининг хусусиятлари: ёши, жинси, миллати, маълумоти ва соғлиғи;
- уй хўжалигининг демографик хусусиятлари: оила бошлиғининг жинси, қарамоғидаги кишилар ёшининг катталиги ва нисбати (меҳнатга лаёқатли катталар сонига болалар ва қариялар сони);
- мулк: ер, чорва моллари, меҳнат қуроллари ва ижтимоий капитал;
- фаолиятлар: фаолият соҳаси, сотиладиган экинлар, бандлик тури;
- манзил: қишлоқ / шаҳар, вилоят, туман;
- коммунал хизматлардан фойдаланиш: электр энергияси, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, мактаб, ижтимоий ёрдам дастурлари;
- бозорга ва хусусий хизматларга кириш: бозорга масофа, йўл инфратузилмаси, молиявий хизматлардан фойдаланиш.
Юқоридаги маълумотларга таянган ҳолда алоҳида мамлакат миқёсида миллий мезонни шакллантириш бир қатор омилларни хисобга олишни талаб қилади. Булар камбағаллика бевосита ва билвосита таъсир кўрсатадиган минтақанинг ўзига хос ҳусусиятларидан иборат (1-расм).
1 – Расм. Ўзбекистонда камбағалликнинг ўзига хос ҳусусиятлари
1. Иқтисодий салоҳиятни янада юқори даражага қўтариш камбағалликка қарши курашишда ўта долзарб бўлиб қолмоқда. Жаҳон банкининг гуруҳлаштириш тизимига мувофиқ Ўзбекистон даромади ўртадан паст (1036-4045 доллар йилига) давлатлар қаторига киради. Ушбу ҳолат, яъни иқтисодиёт салоҳиятни барқарор ошириш сиёсатини янада долзарблигини кўрсатади.
2. Мамлакат иқтисодиёти таркибида қишлоқ жойларнинг ўрни бугун ва яқин келажакда муҳим аҳамиятини сақлаб қолади. Хозирда аҳолини деярли ярми қишлоқ жойларда яшайди. Қишлоқ аҳолиси ўз навбатида камбағалликни шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Шу билан бирга қишлоқ жойлари билан бевосита боғлиқ қичик шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларида ҳам камбағаллик хавфи юқори даражада эканлигини бир қатор ўтказилган социологик тадқиқотлар тасдиқлаган.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда интенсив усулларга ўтиш яқин келажакда урбанизация жараёнларини фаоллаштиришни, қишлоқ аҳолисини шаҳарларга кўчиб келиши учун қулай шароитни яратишни зарурият қилиб қўяди. Ушбу ҳолатни Хитой тажрибасидан яққол кўриш мумкин.
Ўзбекистон бошқарув тизимини ташкил этишда бошқа мамлакатлардан маълум даражада ажралиб туради.Бу аввалом бор (3.) махаллий ўз-ўзини бошқариш тизими бўлган махаллага тегишли. Махалла аҳолини асосий яшаш жойи бўлиб, камбағалликни аниқлаш, уни мониторингини ташкил қилиш учун энг қулай восита сифатида қараш мумкин. Ислоҳотларни амалга ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича махаллабай тизимни жорий қилиниши ҳам ушбу тизимдан самаралифойдаланиш зарурлигини кўрсатмоқда. Айниқса махалла кесимида камбағал оилаларни аниқлаш ва уларни рўйҳатини “Темир дафтар” орқали шакллантириш миллий мезонни шакллантириш учун ўзига ҳос омил бўлиб хизмат қилишини ҳозирги тажриба ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўрсатиб турибти.
4. Истеъмолнинг ҳусусиятлари. Аҳолини товарлар ва хизматларга бўлган эҳтиёжи маълум даражада табиий-иқлим шароити, демографик таркибни шаклланиши, тўлов қобилияти, миллий анъаналарга боғлиқ.
Бошқа мамлакатларга нисбатан озиқ-овқат истеъмолида нон маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, гуруч, ўсимлик ёғи ўрни юқори.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида болалар ва ёшлар учун кийимлар ва пойабзал, гиламлар, уй-рўзғор буюмларининг аҳамиятлилигини кўрсатиш мумкин. Коммунал хизматлар ичида бирламчи эҳтиёжга эга тоза ичимлик суви ва электроэнергия таъминоти ҳисобланади.
Мамлакат аҳолисини уй-жойга бўлган юқори эҳтиёжи, маълум даражада аҳоли ва янги ёш оилаларнинг сонини тез суръатлар билан ўсишига боғлиқ. Шуни таъкидлаш жоизки Ўзбекистонда оилалар яшаётган уй-жойларнинг 98,0 фоизи уларнинг шахсий мулки ҳисобланади. Аҳолини ўз уйига эга бўлиши камбағалликни олдини олиш имконини яратади.
Яна бир ўзига хослик, асосан қишлоқ жойларидаги оилаларни 70,0 фоизидан ортиғи ўз томорқа хўжалигига эга. Шахсий томорқа хўжаликлари орқали етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, уларга бўлган истеъмолни деярли бешдан бир қисмини қоплайди (ун ва нон, мева ва сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотлари) ва даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.
5. Табиий-иқлим шароити. Мамлакатдаги кескин континентал иқлим шароити, ёзнинг иссиқ ҳарорати ва қишнинг нисбатан совуқ бўлиши, турли табиий ҳодисалар дўл, сув тошқини, ер қимирлаш ва бошқа фавқулодли табиий ҳодисалар маълум даражада аҳоли турмуш даражасига таъсир кўрсатади. Жумладан, юқори иқлим ҳароратида меҳнат қилаётганларни ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, фавқулодда табиий ҳодисалар туфайли таълофат кўрганларга ёрдам бериш.
6. Аҳолини географик жойлашуви ҳам маълум даражада уларни яшаш шароитига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, чўл ва чўл олди, тоғ ва тоғ олди зоналарда яшайдиганлар учун керакли шароитларни яратиш, узоқ жойдаги қишлоқларни аҳолисини қўллаб қувватлаш мақсадга мувофиқ.
7. Иқлимни ўзгариши, чўллашув жараёни, экологик вазият, (Орол денгизи фожиаси) айниқса қишлоқ жойларда аҳоли турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатишини эътиборга олган ҳолда қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқишни тақозо қилади.
8. Демографик салоҳиятнинг юқорилиги. Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринадиган ҳусусиятларидан бири ҳисобланади. Аҳоли сони, жумладан меҳнат ресурсларини юқори суръатларда ўсиши (2017-2020 йилларда ўртача йилига ўсиш 1,7 фоиз, хавфсизлик даражаси 1,25 фоиз). Юқори туғилиш даражаси (ўртача йилига 750-800 минг) ўз навбатида кўп болалик оилаларни янада кўпайишига, камбағаллик хавфини ошишига олиб келади. Хавф-хатарлар қаторига секин-аста аҳоли таркибида қарияларнинг улушини ошиши, ёш оилаларни тез суръатда шаклланиши, ёшларнинг юқори бўлиб қолишидан иборат. Аҳолини бандлигини таъминлаш ва янги иш жойларини ташкил этиш энг муҳим устувор вазифалар қаторига киради.
9. Миллий анъаналар ва маънавият. Меҳмондўстлик, бир-бирини қўллаб қувватлаш, қариндош уруғчилик ва ўзаро хурмат ҳалқимизнинг асрдан-асрга ўтиб келаётган маънавий ўзига хос ҳусусиятидир.
Тўй ва тантаналарда меҳмон сифатида аҳолининг барча табақаларини қатнашуви, меҳмондўстлик одоби муҳим қадриятлар қаторига кириб, камбағал ва ночор кишиларни кўллаб қувватлаш имконини беради. Ҳалқимизнинг бир-бирига ҳурмат ва кексаларни эъзозлашни алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу қадрият оилалардаги кекса ёшдагиларни хурматини ўрнига қўйиш, уларга ёрдам бериш учун кенг имкониятлар очиб беради.
Айниқса қариндош уруғчилик муносабатлари, қийин аҳволга тушиб қолганда ўз ёрдамларини аямаслик, камбағал оилаларни доимо моддий қўллаб-қувватлаш, қашшоқлик юз тутмаслигини олдини олиш халқимизнинг муҳим фазилатларидан ҳисобланади.
Оилага бўлган муносабатни юқори даражада эканлиги, уни доимо мустаҳкамлашга интилиш, оғир шароитларда қўллаб-қувватлаш ва химоя қилиш ҳам ҳалқимизнинг муҳим анъаналаридан ҳисобланади. Оилани ташкил этиш ва мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш камбағаллик хавфини камайтиришга хизмат қилади.
10. Миллий мусулмончилик одоблари. Мамлакат аҳолисининг 95 фоизи мусулмонлар. Ислом динида муҳтожларга ёрдам қилиш, хайр-садақа бериш ва саҳоват кўрсатиш амаллари илгари сурилган. Жумладан, Қуръонда “нимаики хайр-эхсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз” дейилган.
Ўзига хос ушбу шиорни янада кенг даъват қилиш, оммага етказиш мамлакатимизда камбағалликка қарши курашишда муҳим омиллардан бирига айланиши лозим.
Ҳозирда Ўзбекистонда мавжуд камбағалликни мезони сифатида 2000 йилда бошлаб Жаҳон банки таклифи асосида кунига 2100 ккал озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш чегараси белгиланган. Чегаранинг паст қисми камбағал ҳисобланади (2 – Расм.).
Ушбу мезонлар асосида Давлат статистика қўмитаси томонидан ўтказиладиган уй-хўжаликларини (10 минг респондент) сўровномаси орқали йиллик камбағаллик даражаси аниқланади. (2020 йилда камбағаллик даражаси 8,7 фоиз). Мазкур мезон орқали камбағалликни аниқлаш нисбатан мураккаб, хатолик даражаси юқори, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳизматлар эътиборга олинмайди, амаллиётда қўллашни чекланганлиги каби камчиликлари мавжуд. Мазкур чегара орқали аниқланган камбағаллик даражаси асосан ҳалқаро ташкилотлар ва илмий-текшириш институтлари томонидан ҳисобот-маълумотларни тайёрлашда фойдаланилади халос. Расмий амалиётда, жумладан камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишда ушбу мезон кўрсаткичлари ишлатилмайди.
Камбағаллик мезони норасмий шаклда яшаш минимуми ва минимал истеъмол савтчаси қиймати асосида хам ҳисоб-китоб қилинган.
Ушбу услуб юқорида қайд этилгандек тасдиқланган минимал истеъмол меъёрларига асосланган бўлиб, реал шароитдан фарқ қилганлиги сабабли расмий амалиётда қўлланилмайди.
Яна бир Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар доирасида камбағаллик даражасини аниқлашда фойдаланиладиган усул субъектив мезон, яъни уй хўжаликлари томонидан ўзларини қайси ижтимоий тоифага кириш бўйича сўровнома натижаларидан иборат (2021 йил, февраль ойида ўтказилган социологик сўровнома натижаларига кўра камбағаллик даражаси 19,3 фоиз субъектив баҳоланган).
2020 йили Жаҳон банки экспертлари томонидан Ўзбекистонда камбағалликни миллий мезони сифатида минимал истеъмол харажатлари қиймати таклиф этилган. Ушбу мезонни аниқлаш уй хўжаликлари сўровнома натижалари асосида амалга оширилади. Асосий мақсад танлаб олинадиган социологик сўровнома орқали аҳолини реал минимал истъемол (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, хизматлар) харажатлари қийматини аниқлашдан иборат. Афзалликлари бевосита маълум даврда амалдаги (маъёрий эмас) минимал истеъмол харажатлар қийматидан паст бўлган уй-хўжаликлари сони ва камбағалликни баҳолаш.
Салбий томони танлаб олишга асосланган социологик сўровнома натижаларининг объективлигини таъминлашнинг қийинлиги, ҳисоб-китоб қилиш услубини мураккаблиги, мамлакат ва худуд миқёсидаги камбағаллик даражасини, унинг микро яъни махаллабай аниқланадиган миқёси ўртасидаги номутаносиблик.
Ўзбекистон аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад кўрсаткичи бўйича ўртача даромадга эга мамлакатлар қаторидан жой олган (киши бошига йилига ўртача 1533 АҚШ доллари). Киши бошига кунига 3,2 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир. Миллий даромади ўртачадан баландроқ мамлакатлар учун кунига киши бошига 5,5 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 736 миллион киши (аҳолининг 10 фоизи) ўта қашшоқлик шароитида (кунига 1,9 доллардан кам даромадга эга), дунё аҳолисининг деярли ярми – 3,4 млрд киши – кунига 5,5 доллардан кам тушумга эга. Камбағаллик даражаси энг юқори қитъа Африка бўлиб, сайёрамиздаги энг камбағал мамлакатлар – Конго демократик республикаси (ўта қашшоқлик даражаси – 77,1 фоиз) ва Мадагаскар (77,6 фоиз).
3 – Расм. Ўзбекистонда камбағаллик мезонини аниқлаш бўйича таклифлар
Биринчиси, Жаҳон банки томонидан таклиф этилаётган минимал истеъмол харажатлари қийматини, тубдан такомиллаштирилган ва халқаро андозаларга мос келадиган танланма социологик сўровнома орқали аниқлаш.
Иккинчиси, 2021 йилда расмий эълон қилинган минимал ойлик иш ҳаққини (747,3 минг) 70,0 фоизини миллий мезон сифатида эълон қилиш. Ушбу мезон қийматини уч йил ичида босқичма-босқич 100,0 фоизга етказиш ва расмий асосланган минимал иш ҳаққига тенглаштириш.
Учинчиси, мамлакатнинг ўзига ҳос ҳусусиятларини, хозирда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ҳисобга олган ҳолда барча маҳаллалар кесимида бевосита кам таъминланган оилаларни маҳсус тайёрланган сўровнома натижаларига кўра реал минимал истеъмол харажатлари қийматини аниқлаш.
Мавжуд миллий мезондан фақат минимал иш ҳаққини мувофиқлаштиришда ва “темир дафтар”ни шакллантиришда фойдаланиш лозим. Ижтимоий ёрдам ва нафақа миқдорларини эса давлат бюджети имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш таклиф этилади.
Шунингдек, ишга жойлашишга муҳтож шахсларга касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини кенгайтириш, бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, мақбул шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган чоралар кўриш фойдадан холи бўлмайди.
Аҳоли реал даромадлари ва харид қобилиятини ошириш, бунинг учун ижтимоий меҳнат тақсимотини тўғри йўлга қўйиш, шу орқали жон бошига тўғри келадиган товар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажмини, яъни меҳнат унумдорлигини кескин ошириш даркор.
Камбағалликни камайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тизимли ва узоқ муддатли характерга эга бўлиб, улар келгуси йилларда муаммоларни ҳал қилишни узоқ келажакка қолдирмасдан ижобий ижобий натижаларга эришиш учун мўлжалланган бўлиши керак.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Фойдаланган адабиётлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси, 29 декабр, 2020 й. Халқ сўзи газетаси.
Подход лауреатов Нобелевской премии 2019 года ученых экономистов Абхиджит Банерджи, Эстер Дюфло и Майкл Кремер. https://share.america.gov/ru
«Где они живут. Показатели уровней бедности,среднего потребления и среднего класса в Центральной Азии на районном уровне». Всемирный Банк. 2019 г.
Как рассчитать порог бедности в Узбекистане. Интервью экономиста Всемирного банка Уильяма Зейтца. centrasia.org
Как рассчитать порог бедности в Узбекистане. Интервью экономиста Всемирного банка Уильяма Зейтца. https://centrasia.org/news
Камбағалликни аниқлаш миллий методологияси ва мезонлари. ИПМИ.2020.