Kambag'allik muammosi: mohiyati va omillari

Rustam Hasanov,

iqtisod fanlari doktori, professor,
Prognozlashtirish va makroiqtisodiy tadqiqotlar instituti loyiha rahbari

e-mail: r.r.khasanov@mail.ru

"Iqtisodiyot: tahlillar va prognozlar" jurnalida e'lon qilingan.

 

Annotatsiya:

Maqolada kambag‘allik mamlakatning iqtisodiy rivojlanganligi, ish bilan bandlik va ishsizlik darajasiga bog‘liqligi, daromadlar tengsizligi va kambag‘allikning kelib chiqish sabablari izohlab berilgan. Asosiy urg‘u iste’mol va daromadlar o‘rtasidagi nomutanosiblikka qaratilgan va kambag‘allikni qisqartirish sub’ektiv va ob’ektiv jarayonlar ta’sirida kechishi izohlangan.

Kalit so'zlar:

камбағаллик, ишсизлик, иш билан бандлик, истеъмол, минимал ҳаражатлар, даромадлар, тенгсизлик, миллий хусусиятлар, камбағалликни қисқартириш.

 

Maqolani iqtiboslash:

R.Hasanov. Kambag'allik muammosi: mohiyati va omillari // Iqtisodiyot: tahlillar va prognozlar. – 2021. – № 1 (12). – С. 19-23

 

Аҳоли турмуш фаровонлигини изоҳловчи бир қанча кўрсаткичлар даромад манбалари ва улар орқали даромадлар даражасини изоҳлаб беради. Аҳоли турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичлар макроиқтисодий жиҳатдан қуйидагиларга боғлиқ бўлади:

  1. Мамлакатнинг иқтисодий ривожланганлик даражаси.

  2. Даромад топиш имкониятларининг кенглиги.

  3. Иқтисодиёт соҳаларининг эркин ривожланганлик даражаси.

  4. Пул топиш учун хуқуқий асосларнинг яратилганлиги.

  5. Ташқи иқтисодий фаолиятнинг эркинлиги.

  6. Пулнинг қадрсизланиш даражаси.

  7. Мулкка эгалик қилиш ва ундан даромад топишда фойдаланиш.

Умуман олганда, аҳолининг турмуш даражасига изоҳ берганда аҳоли тасарруфида бўлган пул ва натурал даромадлар тушумлар миқдорини қўшма равишда ҳисобга олиш зарур бўлади. Чунки, Ўзбекистонда турмуш даражаси бевосита истеъмол миқдори ва сифати билан ўзвий боғлиқликда бўлиб, уни қондиришда пул ва натурал даромад турининг ҳар иккаласи иштирок этади. Пул ёки натурал тушумлар ҳам даромад сифатида қаралиши лозимки, бу киши ёки хонадоннинг даромадини ташкил этади ва турмуш фаровонлиги даромадларга бевосита боғлиқлигини ифодалайди.

Аҳоли турмуш фаровонлиги даромадлар даражасига боғлиқ экан, бозор ислоҳотлари даромад топишга бўлган қизиқишни уйғотиши билан бирга камбағал хонадонларнинг ҳам мавжуд бўлишини келтириб чиқаради. Камбағаллик даромад ва истеъмол орқали белгиланади ҳамда даромадлар тенгсизлигининг ҳосиласи сифатида намоён бўлади.

Бозор иқтисодиёти аҳоли даромадлари даражасининг кучли табақалашувини келтириб чиқариши билан бирга, бой табақанинг пайдо бўлишини ва улар сонининг ортиб боришини таъминласада, бир вақтнинг ўзида камбағал қатламларнинг ҳам мавжуд бўлишини инкор этмайди.

Камбағаллик ҳар бир жамият учун хос бўлган кўриниш бўлсада, унинг даражаси ва кўлами ҳар хил кечади. Камбағаллик даражасини белгилаш ҳам турли мамлакатларда ўзига хос ёндошувлар доирасида белгиланади. Чунки, бир мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши, ундаги ресурслар, тарихий қадриятлар, турмуш тарзи, миллий қарашлар, маданият ва урф-одатлар фарқланади. Бу фарқланиш камбағалликнинг ҳам фарқланишига олиб келади. Шунинг учун эришилган даромадлар даражаси ва иқтисодиётнинг тузулиши билан боғлиқ ҳолда ҳар бир мамлакатда камбағаллик ўзига хос хусусият касб этади.

Камбағаллик муаммоси истеъмол таркиби ва даражаси орқали юзага чиқади. Бу муаммо истеъмол чегараси билан изоҳланади. Хусусан, минимал истеъмол даражасини белгилаш, унинг меъёрлари ва унга бўлган ёндошувлар камбағаллик муаммоси кўламини келтириб чиқаради. Бунда камбағаллик даражасини белгилашда қўйидаги ҳолатларни ҳисобга олиниши тақазо қилинади:

  1. Камбағаллик даражасини белгилашда ҳар бир мамлакат ўзига хос вазифа ва мақсадларни кўзда тутади. Айрим мамлакатлар турмуш сифатини оширишни мақсад қилиб кўйса, бошқалари кишиларни қашшоқлик ботқоғидан чиқаришни, айримлари эса турмуш даражасининг пасайиб кетишини олдини олишни муҳим ҳисоблайдилар.

  2. Турли мамлакатлар миллий иқтисодининг ривожланганлик даражасидан келиб чиқиб, ҳаёт кечириш минимумини аниқлайди. Бунда бир мамлакатда белгиланган камбағаллик мезонлари бошқаси учун тўғри келмаслиги мумкин.

  3. Амалдаги ночорларни ҳимоялаш, уларнинг имкониятлари доирасида ва давлатнинг кўмаги таъсирида ўзаро нисбат, яъни ўзини-ўзи таъминлаши ва ёрдамга мухтожлиги қоршима шаклида олиб борилади.

  4. Қамбағалликнинг меъёрлари белгиланади. Бу меъёрлар иқтисодиётнинг ривожланганлик даражасига биноан шакллантирилади. Белгиланган меъёр ҳаёт кечириш минимумини истеъмол нуқтаи назаридан эмас, балки таъминот имкониятларидан келиб чиқан ҳолда белгилайди.

Камбағаллик даражасини аниқлашнинг Ўзбекистонга хос жиҳати шундан иборатки, бунда киши ўзини зарурий истеъмол неъматлари билан таъминлай олмаслиги, улар хохласада бунинг уддасидан чиқа олмаслиги ҳисобга олинади. Чунки, жамият аъзоси ўзининг социал мақомига кўра етарлича даромадга эга бўлмаслиги табиий ҳолат. Бундан ташқари, иқтисодий ҳолат ва вазият уларга имкон яратиб бермайди. Шу билан бирга, айрим социал гуруҳлар эскидан шаклланган фаолият турини янгича шароитга мослаш имкониятига эга эмаслар. Ёхуд, айрим касбдаги кишилар меҳнат маҳсули янгидан пайдо бўлган иқтисодиёт таркиби ва истеъмол даражасига керак бўлмай қолади. Натижада бундай субъектлар камбағалликка юз тутади.

Камбағаллик даражасига иқтисодиётнинг таркибий тузилиши ва ишлаб чиқариш соҳалари ҳам кучли таъсир этади. Эскидан қолган иқтисодиёт таркиби янгиси билан алмашиб, иқтисодий фаоллик вужудга келгунча аҳолининг кўпчилик қатлами камбағаллашиб бўлади. Камбағаллик қармоғидан чиқиш эса жуда қийин кечади. Бундай таъсир худудлардаги тармоқлар тузилиши ҳосиласи сифатида ҳам юза чиқиши мумкин.

Юқорида таъкидланганидек, камбағаликни аниқлаш турли мезонлар доирасида амалга оширилади. Бу мезонлар иқтисодиётнинг ривожланиши билан ўзгариб боради. Энг иқтисодий оғир шароитда ҳаёт кечириш минимуми асосан кишини ҳаётийлигини таъминлаб туришга қаратилади. Бундай шароитдаги мезон асосан озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол даражасига қаратилади. Чунки, мамлакатдаги мавжуд иқтисодий ҳолат ва ялпи ички маҳсулот миқдори нисбатан кам бўлганлигидан истеъмол неъматларининг жиддий танқислиги хукм суради. Масалан, Афғонистонда бир неча ўн йиллар давом этган уруш ишлаб чиқаришни томомила издан чиқарди. Аҳолининг асосий қисми нафақат камбағал, балки қашшоқлашиб қолди.

Миқдорий таъминот муаммоси деярли йўқ бўлганда, давлат истеъмол миқдорини эмас, балки истеъмол сифатини яхшилаш муаммосини муҳим мезон сифатида қарайди. Ҳар хил мезоннинг қўлланилиши турли вазиятни келтириб чиқаради. Масалан, хорижий экспертларнинг берган баҳосига кўра, Ўзбекистонда 1994 йили, аҳолининг 44,5 фоизи камбағаллик чегарасида турган бўлсалар, бу кўрсаткич 1996 йили 31,1 фоизни, 1998 йили 28,7 фоизни, 2001 йил 27,5 фоизни, 2005 йили 25,8 фоизни, 2010 йил 17,7 фоизни, 2015 йил 12,8 фоизни, 2019 йил 11,0 фоизни ташкил этган.[1]

Ўзбекистон Республикасида давлат томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсат ва аҳолининг ночор қатламини ижтимоий ҳимоялаш механизми йилдан-йилга ўз самарасини бериб бораётган бўлсада, бу жараён камчиликлардан ҳоли эмас. Жумладан:

  1. Ҳақиқатда мухтож бўлган хонадонларга асоссиз моддий ёрдам кўрсатишни рад этиш, нафақа белгилаш ва тўлашда хизмат лавозимидан фойдаланиб, қариндош-уруғ, таниш билишларига ён босиш;

  2. Моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган бўлсада, уни тўламаслик ёки кечиктирилиши оқибатида жорий истеъмолни қондириш имкониятларининг чекланиши;

  3. Белгиланган нафақани нақд пул кўринишида эмас балки, натурал кўринишда: ун, шакар, ёғ ва шу каби маҳсулотлар тариқасида бериш оқибатида номутаносибликнинг келиб чиқиши;

  4. Ижтимоий қўллаб-қувватлашга мўлжалланган маблағларнинг мақсадсиз ишлатилиши ҳолатларининг мавжудлиги, коррупцияга имконият тўғилиши.

Таъкидланган камчиликларни ҳисобга олган ҳолда, моддий ёрдамнинг манзилли бўлишига, ҳақиқатда муҳтож бўлган хонадонларга ёрдам кўрсатиш учун мониторингни тўғри ташкил этишга ва шу билан бирга даромад топиш учун имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор бериш керак.

Камбағалликни олдини олиш фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмайди. Хонадонларнинг ўзлари ҳам моддий истеъмолини яхшилашлари учун ҳаракат қилишлари, даромад манбаларини излаб топишлари ва бунинг учун шарт-шароитлар яратилиши талаб этилади.

Камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар ҳам мавжуд бўладики, уларнинг таъсири ижтимоий гуруҳлар турмуш фаровонлигида турлича аҳамият касб этади. Камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар қуйидагилардан иборат:

  1. Пандемия даврида ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин пасайиб кетиши ва субъектлар даромадининг қисқариши юз беради, бу дастлаб, камбағаллар сафини кенгайтиради.

  2. Тоталитар иқтисодий механизм билан янги Ўзбекистон шароитида шакллантиралаётган иқтисодий механизмлар ўртасидаги номувофиқлик иқтисодий ўсишга салбий таъсир этиб, моддий таъминланишни қисқартиради.

  3. Дастлабки капитал жамғариш бир соҳадаги даромадларнинг иккинчи соҳадагилар томонидан адолатсиз ўзлаштирилишига, маълум бир гуруҳлар даромадининг кескин камайиши, бошқалар капиталига айланишига олиб келади.

  4. Бозор турларининг шаклланиб улгурмагани ва ресурсларни етишмаслиги бандликни қисқартириб ишсизлар сонини кўпайтиради, ишсизлик эса камбағаллик рискига айланади.

  5. Муҳтожларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган бюджет маблағлари етишмай қолади, чунки унинг даромадлари қисқаради.

  6. Даромадга нисбатан нарх-навонинг тез ўсиши, инфляция ҳолатининг вужудга келиши камбағаллар сафини қатъий белгиланган даромад олувчилар ҳисобидан кенгайтиради.

Ўзбекистонда камбағаллик рискини таҳлил этиш шуни кўрсатадики, дастлаб иқтисодиётни пасайишидан иборат конъюнктуравий риск устувор бўлса, сўнгра ишсизлик риски биринчи ўринга чиқди. Иш қобилиятини йўқотиш ва табиий талофатлар риски эса ўткинчи характерда бўлди. Ҳозирги даврда ишсизлик асосий риск сифатида ўз ўрнини сақлаб қолган.

Камбағаллик иқтисодиёт даражасига тескари мутаносиб бўлади. Иқтисодиёти заиф мамлакатларда камбағаллар кўп бўлса, иқтисодиёти кучли ерда улар ғоят озчилик бўлади. Камбағалликнинг доимий ва ўткинчи шакли мавжуд. Доимийлик-бу кишиларни узоқ вақт камбағаллик ҳолатида қолиб кетиши бўлса, ўткинчилик камбағаллик ҳолатига вақти-вақти билан тушиб туришидир. 

Доимий камбағаллик сурункали тавсифга эга бўлса, ўткинчи камбағаллик конъюнктуравий бўлади, яъни конъюнктура ноқулаш бўлганда у пайдо бўлади, конъюнктура қулайлашгач йўқ бўлиб кетади. Иқтисодиёти заиф мамлакатларда камбағаллик доимий бўлса, иқтисодиёт ривожланган ерда у ўткинчи тус олади. Даромадлардаги тенгсизлик бозор тизимининг белгиси бўлар экан, шу тизимда камбағалларнинг бўлиши объектив ходисадир. Шу сабабли камбағалликни тугатиб бўлмайди, лекин унинг миқёси қисқартирилиши мумкин.

Камбағалликни фақат истеъмолдаги етишмаслик деб тушуниш керак эмас. У малаканинг етишмаслиги ва соғлиқнинг ёмонлиги билан ҳам ифодоланади. Чунки, булар ҳам даромад топишга тўсқинлик қилади.

Ўзбекистонда камбағалликнинг кўриниши истеъмол неъматларини қондириш учун даромаднинг етишмаслиги ва даромад топиш имкониятларининг чекланганлиги билан изоҳланади. Чунки, даромадлар ва истеъмол даражаси ўртасида йирик тофовут мавжуд. Ўртача топилган даромад истеъмолни тўлиқ қондиришни таъминламайди. Истеъмол неъматларининг нархи ва олинаётган даромадлар нисбати кучли фарқланади. Малакали меҳнат натижаси истеъмол нархларини қоплашга нисбатан қодир бўлса, кўпчилик ҳолларда малакасиз меҳнат натижалари истеъмол нархи даражасига етиша олмайди. Хусусан, даромад товарлар ва хизматлар нархи кетидан қўвиб боради, лекин унга етишиш қийин кечади. Шунинг учун камбағаллик риски юқорилиги сақланиб қолаверади. Қуйида камбағалликнинг Ўзбекистонга хос белгиларини келтирамиз.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                          1-жадвал.

                                          Ўзбекистонда камбағалликни келтириб чиқарувчи белгилар[2].

Табиий шарт-шароит

Соғлиқнинг ёмонлашуви

Ижтимоий жиҳатлар

Иқтисодий жиҳатлар

Сиёсий жиҳатлар

Экологик жиҳатлар

1.Қирғоқчилик

2.Сел келиш

3.Ўсимлик касаллигининг тарқалиши

4.Бевақт совуқ келиши

1.Юқумли касалликнинг тарқалиши

2.Тан жароҳати олиш

3.Ногиронлик

4.Қарилик

5.Эрта ўлим

1.Хонадондаги носоғлом муҳит

2.Уюшган жиноятчилик

3.Ишсизлик

4.Меҳнатдан буйинтовлаш

1.Иқтисодий ўсишнинг сустлиги

2.Техника ва технологиянинг етишмаслиги

3.Молиявий беқарорлик

4.Пулнинг қадрсизланиши

1.Диний экстремизм

2.Ислоҳотларга шубҳа билан қараш

3.Сиёсий ўйинлар

4. Халқаро иқтисодий чекловлар

1.Атроф-муҳитнинг ифлосланиши

2.Ернинг шурланиши

3.Тоза ичимлик сувининг етишмаслиги

Юқоридаги 1-жадвалда келтирилган камбағалликка олиб келувчи белгилар турли хонадонлар ва кишиларга ҳар хил таъсир кўрсатади. Айримлари учун, асосан қишлоқ хўжаликда яшовчилар учун, табиий шарт-шароит муҳим белги бўлса, бошқалари учун социал белгилар аҳамияти кучли бўлади. Бу белгилар бир-бири билан узвий боғланган. Бири иккинчисига туртки бўлади. Уларни алоҳида қараш нотўғридир. Лекин, миллий иқтисодиёт даражаси ва ижтимоий холатидан келиб чиқиб, уларнинг айримларини таъсири яққол сезилиб боради. Чунки, бу белгиларнинг намоён бўлишини муҳим жиҳати даромадларда ўз аксини топади ва даромадларнинг камайишига сабабчи бўлади. Масалан, соғлиғини йўқотган камбағал уни тиклаш имкониятига чекланган тарзда эга бўлса, озиқ-овқат истеъмолининг етишмаслиги меҳнат унумдорлигига салбий таъсир этади, меҳнат бозоридаги рақобатбардошликни сусайтиради, ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш сифатини пасайтиради. Шунинг учун камбағаллик социал-иқтисодий муаммо сифатида ўта мураккаб жараён деб қаралади.

                                                                                                                                                                                                                                                                        1-расм.

                  Иш билан бандлик, ишсизлик ва камбағаллик даражасининг 2030-йилгача прогнози

                                                        

 

Манба: ПМТИ прогнозлари асосида муаллиф томонидан ҳисобланган: *Падемия шароитидаги эҳтимол. *Пандемия таъсиридаги эҳтимол

1-расм маълумотларидан кўриниб турибдики, камбағаллик даражаси банд бўлганлар даражасига нисбатан тескари пропорционалликда бўлса, ишсизлик даражасига тўғри пропорционалликда ўзгариб боради. Иш билан бандлик камбағаллик муаммосини юмшатиш омилига айланган. Бундан ташқари, тармоқлар тузилиши иш билан бандлик даражасининг ошишига имкон яратиб, ишлаб топилган даромаднинг юқори бўлишини таъминлайди.

Алоҳида таъкидлаш ўринли-ки, Андижон, Тошкент, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида[3] саноатлашган ишлаб чиқаришнинг юқорилиги даромад топиш манбаининг ва имкониятининг кенглигини кўрсатса, кам даромадли худудлар асосан аграр ишлаб чиқариш таркибига эга.

Камбағалликнинг мавжудлиги ижтимоий ҳодиса бўлиб, иқтисодиётнинг даражаси ва ислоҳотларнинг самарасига боғлиқ бўлади. Янги иқтисодий муносабатлар ва иқтисодиёт асослари камбағалликнинг у ёки бу кўринишини келтириб чиқаради. Юзаки қараганда камбағаллик субъектнинг ўзига боғлиқлиги, ночор аҳволда кун кечиришида кишининг ўзи айбдордек туюлади. Албатта, ҳар бир киши ва хонадон ўз фаровонлиги учун жавобгардир. Лекин, бунинг учун жамиятдаги иқтисодий муносабатлар ва амалдаги ҳуқуқий қонун-қоидалар киши фаолиятини ҳар томонлама кенг очиб беришга қодир бўлиши керак. Бу қоидалар ичида энг муҳими иқтисодий эркинликдир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин-ки, ҳар бир субъект ўзининг имкониятлари доирасида иқтисодий фаолиятда бўлади ва мавжуд ресурсларга мос бўлган даромадга эга бўлади. Фаолият эркинлиги бозордаги тенгликни англатмайди, балки мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқини беради. Шунинг учун, камбағалликни субъектив кўриниш эмас, балки объектив жараён маҳсули сифатида қараш керак. Объектив жараён эса ўзига хос омиллар таъсирида кечади ва камбағалликни келтириб чиқарувчи сабаблар сифатида юзага чиқади. Айниқса, трансформация шароитида иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жараёнлар камбағаллик даражаси ва кўламини келтириб чиқарувчи сабабалар ҳисобланади.

Фойдаланган адабиётлар

1. Демографическая энциклопедия. М.:ООО «Издательство «Энциклопедия», 2013. 944 с.

2. Ткаченко А. А. Экономическое сотрудничество и возможные векторы развития Таджикистана // Вестник университета. Научный журнал. 2017. № 1 (57). С. 70–78.

3. Sen A. Welfare Economics and the Real World. Acceptance paper for the Frank Seidman Distinguished Award in Political Economy / published by F. K. Seidman Foundation. Memphis, 1986, 18 p.

4. Anand S. and Sen A. Concepts of Human Development and Poverty: A Multidimensional Perspective. Human Development Report 1997 Papers: Poverty and Human Development. United Nations Development Programme. New York, 1997.

5. Human Development Report 2016: Human Development for Everyone. UNDP, 2016, 272 p.

6. Anand S. and Sen A. Gender Inequality in Human Development: Theories and Measurement. Human Development Report Office Occasional Paper 19. United Nations Development Programme. New York, 1995, 10 p.

7. Human Development Report 2010 20th Anniversary Edition. The Real Wealth of Nations: Pathways to Human Development. New York: The United Nations Development Programme, 2010, 229 p.

8. White Paper We’ll Live to 100 — How Can We Afford It? World Economic Forum 91–93 route de la Capite CH‑1223 Cologny/Geneva Switzerland, 24 p.

9. Population Aging and the Generational Economy: A Global Perspective / Ed’s: Ronald Lee and Andrew Mason. UK: Edward Elgar Publishing, IDRC, 2011, 598 p.

10. Myrdal G. Asian Drama. An Inquiry into the Poverty of Nations, 1968, Vol. 1–3. N.Y., 1968.

11. Жаҳон Банкининг 1991, 2010, 2015 йилги ва Давлат статиска қўмитасининг 2019 йилги маълумотлари. WWW.Worlbank. Stat.uz.

 


[1] http://documents.worldbank.org/curated/en/210801569934716898/pdf/Where-They-Live-District-Level-Measures-of-Poverty-Average-Consumption-and-the-Middle-Class-in-Central-Asia.pdf

[2] Жадвал муаллиф томонидан тузилган.

[3] Ҳудудлар бўйича аҳоли жон бошига кўрсаткичлар (2020 йил январь-декабрь). Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари. Stat.uz.

Maqolani yuklab olish