Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таълим тизимини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. 2023-йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши ҳам ушбу соҳада бошлаган ислоҳотларнинг давом эттирилиши, ўқув муассасаларида таълим сифатининг оширилишини англатади.
Ўзбекистонда таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар йил сайин ортиб бормоқда. Aгар 2021-йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига давлат бюджетидан 2,9 триллион сўм, Халқ таълими вазирлигига 22,1 трлн. сўм ажратилган бўлса, 2022-йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 4,1 трлн. сўм, Халқ таълими вазирлиги эса 25,8 трлн. сўм ажратилган.
Таълим сифатини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган таълим сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида инновацион иқтисодиётга ўтиш юқори малакали кадрларни талаб қилганлиги сабабли аҳолини таълимнинг барча босқичлари билан қамраб олишга катта эътибор қаратилган. Стратегияда назарда тутилган асосий чора-тадбирлар 2030-йилгача ёшларни олий таълим билан қамраб олишни 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини оширишни ўз ичига олади. Бунда биринчи навбатда олий таълим муассасаларининг умумий сонини 200 тага, шу жумладан нодавлат университетлар сонини камида 50 тага етказиш, ҳудудларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш, 2026-йилга қадар 10 та потенциал университетни халқаро рейтингларга киритиш, давлат университетларига академик ва молиявий мустақиллик беришда давом этиш ва бошқалар кўзда тутилган.
Мамлакатимизда таълим сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жаҳон банкининг умумий ўрта таълимни баҳолаш натижаларига кўра, Ўзбекистон 474 балл билан 174 та мамлакат орасида 57-ўринни эгаллаган.
Олий таълим муассасалари, шу жумладан хорижий ва хусусий университетлар сонининг ортиши, олий таълим олиш учун давлат квоталари кўпайиши, шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг қизлари ва ўрта таълим муассасаларининг жисмоний имкониятлари чекланган битирувчилари учун алоҳида квоталар ажратилиши ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасининг ошишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Бугун мамлакатимизда 180 дан ортиқ олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 25дан ортиғи хорижий олий таълим муассасаларидир. Инсоннинг имкониятлари кўп жиҳатдан унинг таълим даражасига боғлиқ. Жамиятда интеллектуал салоҳияти юқори бўлган инсонлар улушининг ортиши иқтисодиётда рақобатбардошлик ва меҳнат унумдорлигини ошириш, келажак авлод даромадларининг камайиши хавфини қисқартириш имконини беради.
Ютуқлар бор, лекин муаммолардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Мамлакатимизда тўпланган инсон капитали Ўзбекистоннинг бугунги имкониятлари ва салоҳиятини акс эттиради. Инсон ривожланиши индекси ҳисоботида таълим олишнинг ўртача давомийлиги 11,9 йилни ташкил қилади. Бироқ, Жаҳон банки маълумотларига кўра, бугун ушбу мамлакатда дунёга келган гўдакнинг меҳнат унумдорлиги у вояга етганда 62 фоизини ташкил қилади. Унумдорлик эса тўлиқ таълим олиш ва яхши саломатлик билан таъминланади. Шундай экан, таълим даражасини ошириш инсоннинг ривожланишини рағбатлантиришда жуда катта имкониятларга эга.
Мамлакатда 2030-йилгача таълим соҳасидаги асосий эътибор қатор муаммоларни инобатга олган ҳолда қуйидаги жиҳатларга қаратилиши мақсадга мувофиқ:
1) Олий таълим билан қамраб олиш даражаси ошириш лозим. Чунки ҳозир бу борадаги кўрсаткич дунё миқёсида олиб қараганда анча паст.
2) Таълим сифати ва педагог кадрларнинг касб малакасини ошириш, шунингдек, олий таълим муассасаларининг Quacquarelli Symonds каби халқаро рейтинг ва STEM (Science, Technology, Engineering, Mathematics) йўналиши бўйича ўрнини яхшилаш.
3) Таълим учун ажратилаётган давлат харажатлари улушини камайтириш ва хусусий сектор улушини ошириш.
4) Таълим тизимида гендер тенглигига эришиш.
5) Давлат институтларининг инновацион жиҳати ва сифатига эътиборни кучайтириш.
6) Ўзбекистон ўз университетларига хорижлик талабаларни жалб қилиш имкониятларидан тўлик фойдаланиши керак. Ҳозир Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган чет эллик талабалар сони университет талабаларининг 0,2 фоизидан ошмайди.
2030-йилгача бўлган мақсадли устувор йўналишлар ҳақида тўхталганда, қабул қилинган узоқ муддатли дастурлар, биринчи навбатда инсон капиталига йўналтирилган инвестициялардан олинадиган фойда моддий кўринишга эга бўлиши учун таълим соҳасидаги тадбирларга устувор аҳамият бериш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаш лозим.
Таклиф этилаётган модель асосида таълимга таъсир кўрсатиётган асосий омиллар аниклаган.
Биринчидан, таълим соҳасидаги чора-тадбирлар аввало олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50% гача етказишни кўзда тутади.
Иккинчидан, даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар (UMI)[1] (42,2%) билан таққослаганда ёшларнинг кўплиги ва битта ўқувчи (талаба)га тўғри келадиган жами харажатларнинг камлиги (яъни жами харажатларнинг 8,3% ини ташкил этиши) сабабли давлат томонидан таълим учун ажратилаётган харажатларнинг қисқаришига йўл қўймаслик.
Учинчидан, демографик ўзгаришлар ва аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниши ортиши каби талаб омиллари бюджетга таъсир ўтказади ва таълим соҳасидаги харажатларнинг ошишига олиб келади.
Мақсадли устувор йўналиш – умумий харажаталарда таълим учун жами давлат харажатларини 55% гача (ёки ЯИМнинг 6,8% игача) бўлгандаражада сақлаш ва хусусий секторни жалб қилиш, рағбатлантириш орқали умумий таълим харажатларининг ўсишини таъминлаш.
Тўртинчидан, инновацияларни жорий этиш ва инфратузилмаларни такомиллаштиришнинг ҳаракатлантирувчи омили сифатида илмий-техникавий йўналишларда олий ўқув юртлари битирувчиларининг улушини ошириш муҳимлигини ҳисобга олиш керак. Бу ўртача ўқиш йилларини оширмайди, балки Инновациялар индекси ва Умумий билимлар тизими индексини (2-расм) қўшимча 0,103 пунктга (0,475 дан 0,578 гача) оширади.
2-расм. 2030-йилгача таълим соҳасида мақсадли кўрсаткичлар
Манба: Жаҳон банкининг жаҳон тараққиёти кўрсаткичлари (WDI) маълумотлар базаси
Бешинчидан, таълим тизимида гендер тенглигини устувор йўналишга айлантириш керак. Олий таълим тизимидаги гендер паритети асосий сценарий бўйича 2021–2030 йиллар оралиғида 0,75 дан 0,93 га ошади (3-расм).
3-расм. 2030-йилгача таълимга таъсир қилувчи ҳисобот кўрсаткичлари ва сценарий кўрсаткичлари
Манба: муаллиф томонидан тузилган
Олтинчидан, 2030-йилга бориб, Ўзбекистонда давлат бошқаруви сифатини ошириш орқали таълим сифатини ошириш натижасида, олий таълим муассасалари битирувчиларининг улуши 80 фоизга етади.
Еттинчидан, олий таълим сифатини назорат қилишнинг олий маълумотли битирувчилар улушига бевосита таъсири бор (давлат бошқаруви самарадорлиги кўрсаткичи бўйича 0,89дан 2030 йилгача 1,3 гача).
Модель тугалланган сценарий билан бир вақтда баҳолаш имконини беради. Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларига таъсири шуни кўрсатадики, 2030-йилгача таълим даражасини оширишда (бошланғичдан олий таълимгача) сезиларли ижобий ўзгаришларга эришилади ва Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар даражасига етади.
Натижада, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган кўрсаткичларни 50-60 фоизга ошириш таълим олиш давомийлигини 8,2 йилгача (UNICEF 15+) кўпайтиради ва умумий билимлар тизими индексининг 1,5 баравар, инновациялар индексининг эса 2 баравар ошишига олиб келади.
Ҳозирги вақтда муносиб иқтисодий даражага эришиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш техник ва технологик имкониятларни ривожлантириш билан бир қаторда инновацион жараёнларни кучайтириш, шунингдек, таълим тизимини юкори даражага кўтаришни тақозо этмоқда. Таълим соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар инсон капитали ва олдинги авлодларнинг ҳаёт сифатини ошириш учун асосий омил бўлиб хизмат килади.
Наиля Ибрагимова,
ПМТИ лойиҳа раҳбари
[1] Бунинг мумкин бўлган сабаблари дунёнинг ривожланаётган мамлакатлари учун ўртача ҳисоб-китобларга нисбатан иқтисодиёт таркибида ишлаб чиқариш саноати улушининг пастлиги (12,3% га нисбатан 16,3%) бўлиши мумкин. Бунинг натижасида юқори малакали мутахассисларга бўлган талаб ортади. Таълимнинг чекланганлиги, олий таълимга бюджет маблағларининг етарли эмаслиги университетларни ресурс билан таъминлаш омили (ЯИМнинг 0,4% га нисбатан 0,9%) ва бошқалар.