Ҳудудлар ривожи – юрт тараққиётининг асосий таянчи
29авг

Таҳлил ва таққос

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳсулини бугун ҳар биримиз турмушимизда бўлаётган ўзгаришлар, теварак-атрофимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари мисолида ҳис этиб турибмиз. Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги тарихий ислоҳотлар самараси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани эса алоҳида таҳсинга сазовор.

Модомики, гап бугунги кун ислоҳотлари самарадорлиги, эришилган иқтисодий натижаларимиз ҳақида борар экан, эътиборингиз бир-икки маълумотни келтириб ўтсам:ўтган йили96 минг 500 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, бир йил давомида тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш мақсадида 55 мингдан ортиқ бино ва иншоотлар қурилди. Экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етиб, умумий экспорт ҳажми 30 фоизга ошди. Пировардида, ўтган йили ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати 7,4 фоизни ташкил этди. Бу натижа айниқса, пандемия туфайли кўпчилик мамлакатлар иқтисодиёти қийин даврларни бошидан кечираётган бир шароитда қўлга киритилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Эришаётган натижаларимиз, қўлга киритилаётган ютуқлар яхши, албатта. Лекин бу, муаммолар йўқ, ҳаммаси “беш”, дегани эмас. Хусусан, Президентимиз шу йил 22 август куни тадбиркорлар билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқотида бугунги кунда бизнес вакилларида ечимини кутаётган кўплаб масалалар йиғилиб қолганига алоҳида эътибор қаратиб, қатор муаммоларни санаб ўтди. Тадбиркорлик учун шароитлар барча туман ва шаҳарларда ҳам бир хил эмаслиги, уларда тадбиркорликни тенг ривожлантириш бўйича ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ёндашувлар зарурлиги бу борасидаги муаммолардан бири сифатида қайд этилди.

Ҳудудий номутаносиблик нима?

Дарҳақиқат, юртимиз ҳудудларидаги шароит, шунга мос равишда уларнинг ривожланиш даражаси турлича. Табиийки, шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: уларнинг ривожланиши қандай тамойилларга асосланган, ҳудудлар кесимида тафовутлар пайдо бўлиши қандай омилларга боғлиқ?

Маълумки, юртимиздаги барча ҳудудлар ўзига хос географик, демографик, иқтисодий ва ижтимоий хусусиятларга эга. Хаттоки, у ерда яшовчи аҳоли ҳам бир-биридан фарқланади ва ривожланиш даражаси ҳам турлича.

Ҳозирги глобаллашув ва ташқи рақобат жараёнларининг кучайиши шароитида мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг ҳудудий жиҳатларига катта эътибор қаратилмоқда. Чунки эркин бозор муносабатлари ижтимоий-иқтисодий табақаланиш муаммосини келтириб чиқаришга мойил. Бу эса ҳудудлар ривожланишида номутаносибликни юзага келтириши мумкин.

Ҳудудларнинг ривожланишида табиийки, уларнинг демографик хусусияти, меҳнат ва табиий ресурслари муҳим ўрин тутади. Чунки ҳар бир ҳудуд бир биридан табиий ресурслари, салоҳияти, яратилган ишлаб чиқариш қувватлари базаси билан фарқланиб, ажралиб туради. Давлатнинг роли эса ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштириш, инфратузилма тармоқлари ва қулай бизнес муҳитини яратиб бериш ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳар бир ҳудуднинг мутаносиб ривожланишини таъминлаш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бу борада аҳолининг тадбиркорликка мойиллигини ошириш ҳудудлар ривожида муҳим омил сифатида қаралмоқда. Албатта, бунда баъзи бир қийинчиликлар ҳам мавжуд. Чунки ҳудудларнинг нотекис ривожланиши–инфратузилма объектларини барпо этиш қийин ҳисобланган тоғ олди, тоғли ва узоқ жойлашган ҳудудлар мавжудлигидан ҳам келиб чиқади. Лекин, бу масалани инновацион ечимларорқали ҳал қилиш мумкин.

Ҳудудий номутаносиблик деганда, пировардида ҳудудлар ўртасидаги турмуш даражаси ва ишлаш имкониятларидаги фарқнинг кескинлашиб кетиши тушунилади. Ҳар бир нарсада бўлгани каби ҳудудлар ривожланишида ҳам баланс бўлиши керак. Бир ҳудуднинг иккинчи ҳудуддан ривожланиш борасида жуда олдинга ўтиб кетиши иккала ҳудудда ҳам муаммоларни келтириб чиқаради. Бу, биринчи навбатда, инвестиция оқимининг бир томонлама ҳаракати, салоҳиятли кадрларнинг бир жойда тўпланиб қолиши, жамиятда норозилик кайфиятининг ошиши кабиларга олиб келиши мумкин.

ЯҲМда ҳудудий саноат улуши ортмоқда

Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш бўйича давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бунга ҳудудларни ривожлантириш дастурларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Ишлаб чиқилаётган ва амалга оширилаётган ҳудудий дастурлар,йўл хариталари минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги асосий восита ҳисобланади.

Сўнгги 5 йилда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари билан бир қаторда, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳоли фаровонлигига катта таъсир этаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ҳам амалга оширилмоқда.

Масалан, 2021 йилда ушбу дастурлар доирасида 287 минг хонадондан иборат 397 та маҳалла ва қишлоқ қамраб олинган. Дастурга киритилган мазкур ҳудудларга 2 триллион 950 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 3 минг 778 километр ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими, 2 минг 474 километр электр энергияси тармоғи, 619 та трансформатор, 615 километр газ тармоғини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалгаоширилди.

Бундан ташқари, ҳудудларнинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида жойларда ташкил этилган 21 та махсус иқтисодий, 114 та кичик саноат зоналари, 7 та технопарк ҳамда 415 та кластерларнинг фаолиятини тартибга солиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ҳудудларнинг тадбиркорлик ва инвестицион фаоллигини ошириш бўйича кўрилган чоралар туфайли Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида юқори иқтисодий ўсиш қайд этилди. Хусусан, 2017-2021 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ушбу ҳудудларда 127-150 фоиз ўсди.

Маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, улар учун яратиб берилган қулай шарт-шароитлар натижасида ҳудудий саноатнинг улуши 2017 йилдаги33,4 фоиздан 2021 йилда 38,5 фоизга ошди.

Сўнгги йилларда ижтимоий соҳа, айниқса таълимда қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилга нисбатан 36,6 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида энг яхши кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси (74,2 фоиз), Навоий (73,4фоиз), Бухоро (70,6фоиз), Фарғона (71,5фоиз) ва Сирдарё (70,1фоиз) вилоятларига тааллуқли,энг паст кўрсаткичлар эса Самарқанд (58,3фоиз), Тошкент (52,4фоиз) ва Сурхандарё (45,1фоиз) вилоятларида кузатилмоқда.

Вилоятларда республика ва хорижий олийгоҳларининг ҳудудий филиаллари ташкил этилди ва бугунги кунда уларнинг сони 177 тага етди. Олий таълим муассасаларининг сони бўйича пойтахтдан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятлари етакчилик қилмоқда.

Мониторинг – тадбиркорликни ривожлантиришнинг самарали тизими

Юртимиздаги барча ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.Уларни ривожланиши бўйича тақсимлаш, ҳолатини мониторинг қилиб борадиган рейтинг тизими ва қўлланмалар мавжуд. Жумладан, 2020 йилда илк бор ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган. Рейтинг бир қатор кўрсаткичлар тизими ҳамда тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномадан ташкил топган.Ўз навбатида, туман ва шаҳарларда тадбиркорликнинг ривожланиш ҳолати, тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имконини беради.

Ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича туманлар ва шаҳарлар “яхши”, “ўрта”, “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилади. 2020 ҳолатига кўра, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида – “ўрта” ва 33 тасининг “қониқарсиз”лиги аниқланди.

Бундан ташқари, институтимиз экспертлари томонидан ҳудудлардаги иқтисодий фаоллик барометри, ҳудудлар кесимида меҳнат бозори, сувдан самарали фойдаланиш каби баҳолаш индексларини ҳисоблаш йўлга қўйилган.

Рейтинг натижаларидан амалиётда, жумладан, вазирлик ва идоралар фаолияти йўналишларини белгилаб олишда кенг файдаланилмоқда. Мисол учун, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг рейтинг натижалари жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга туртки бўлди. Бу борада ўтган йил февраль ойида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, 5 та йўналишдан иборат 33 та туманда ҳал этиладиган муаммоларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди. Булар энергетика, ичимлик ва оқова сув, газ таъминоти, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, суғориш тизимини яхшилаш каби йўналишни қамраб олган.

 

Умид АБИДХАДЖАЕВ,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори
,
иқтисодиёт фанлари доктори