Таълим тизимига давлат инвестицияларининг киритилиши қашшоқликни камайтиришга қандай таъсир қилади?
30ноя

Жаҳон банкининг шиори - “Мақсадимиз – камбағаллик йўқ бўлган дунё” [1]. Қолаверса, камбағалликнинг барча кўринишларига барҳам бериш 2030-йилгача бўлган давр учун мўлжалланган барқарор ривожланиш (БРМ) бўйича 17 та мақсаднинг биринчисидир. Камбағалликни қисқартириш ва тенгликни таъминлашга кўмаклашувчи омиллар орасида таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилади. Таълим инсон капиталининг тўпланишига имконият яратиб, оилалар ёки жамоаларни камбағаллик тўридан олиб чиқиш учун катализатор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Таълим ёш авлод учун ҳам, катталар учун ҳам тараққиётнинг кучли омили ҳамда камбағалликни қисқартириш ва соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларидаги кўрсаткичларни яхшилашнинг энг кучли воситаларидан биридир[2]. Маълумот даражаси юқорироқ одамларнинг иш топиш имконияти кўпроқ. Улар иқтисодий жиҳатдан самаралироқ ва шунинг учун даромадлари ҳам юқорироқ[3]. Аёлларнинг таълим олиши яхшиланса, болалар ўлими камайиши исботланган. Сабаби билимли аёллар тиббий ёрдамга кўпроқ мурожаат қилади ва ўзлари ҳамда фарзандларининг саломатлигини асраш усуллари ҳақида яхшироқ маълумотга эга.

Кам таъминланган оилалар ҳар доим ҳам оила аъзоларининг асосий эҳтиёжлари, шу жумладан таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлавермайди. Шу нуқтайи назардан, таълим соҳасига ажратилаётган давлат харажатлари, бир томондан, бу оилаларни қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакатнинг келажакдаги иқтисодий юксалиши учун бебаҳо сармоядир. Инсон капитали ҳар қандай иқтисодиёт, хусусан, билимга асосланган иқтисодиётнинг энг муҳим бойлигидир. Тадқиқотларга кўра, инсон капиталининг 1 % га ўсиши иқтисодий ўсиш суръатини 0,4 % га оширади[4].

Ўзбекистон ва хорижий давлатлар. Таълим тизимини ривожлантириш мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистон Республикаси сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган, бироқ сўнгги 5 йилда таълимнинг барча босқичларида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди. Жумладан аҳолининг мос ёшдаги қатламларини мактабгача таълим билан қамраб олиш 38,2% га (2016-йилдаги 23,8% дан 2021-йилда 62% га), умумий ўрта таълим билан қамраб олиш 0,9% га (2016-йилдаги 96,9% дан 2021-йилда 97,8% га), олий таълим билан қамраб олиш 29% га (2016-йилдаги 9% дан 2021-йилда 38% га) ўсди. 2020-йилда талим тизими учун ажратилган давлат харажатлари ЯИМнинг 4,9% ини ташкил этди.

Жаҳон тажрибаси. Жанубий Корея. Жанубий Кореяда айнан давлат сиёсати туфайли таълим тизими учун мўлжалланган маблағлар мудофа учун мўлжалланган маблағлардан сўнг бюджетнинг энг катта қисмига айланди. Шу тариқа у ижтимоий сиёсатни ўзгартирди, камбағалликни қисқартирди ва таълим даражасини рекорд даражада юқорига кўтариш учун имконият яратди.

Хитой ҳукуматининг бюджетдан таълим тизими учун ажратаётган маблағлари 8 йил давомида (2011-йилдан 2019-йилгача) ЯИМнинг 4 % идан ортиғини ташкил этди. Йирик коллеж ва университетларда қишлоқ жойлардан келган талабалар улушини ошириш ҳамда кўпроқ қишлоқ ёшлари учун олий таълимнинг юқори сифатли ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратиш учун қишлоқлар ва камбағал ҳудудлардан келувчи талабаларга ўқишга кириш имконини берувчи махсус қабул режалари (улар учун қабул балларини пасайтириш, қўшимча стипендиялар ажратиш) ишлаб чиқилди.

Бразилияда таълим тизими учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлар 1980-йилда ЯИМнинг 2,7% ини ташкил этган бўлса, 2000-йилларга келиб 4,5% гача оширилди. Шу билан бирга, қўшимча маблағларнинг катта қисми бошланғич таълимга йўналтирилди. Таълим олишнинг яхшиланиши анча яхши малакага эга ишчиларнинг пайдо бўлиши ва ўз навбатида даромадларнинг ўсишига олиб келди. Натижада таълим соҳасини ривожлантириш орқали мамлакат камбағалликка қарши курашда сезиларли ютуқларга эришди. Таълим сифатининг оширилиши миллий баҳолаш тизимини барпо этиш ва яхшилашга қаратилган мақсадларни ўз ичига олган. Ушбу миллий тизим ҳозир Бразилияда мактаблар, муниципалитетлар, штатлар ва минтақалар бўйича эришилган ютуқларни, шу жумладан талабаларнинг турли хил фанлар бўйича билимини баҳолайди. Мақсад, уларнинг натижаларини халқаро стандартларга мувофиқ тарзда яхшилаш.

 Маълумотлар ва методология. Давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири жаҳон банкининг паст ва ўрта даромадли 52 та мамлакат бўйича[5] 1990-2020 йиллар оралиғига оид маълумотлари асосида баҳоланди[6].  Ушбу таҳлил алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган (қатъий) эконометрик модель (Fixed Effects model) асосида амалга оширилди ((Akbar et al., 2019).

Давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсирини таҳлил қилиш учун асосий мустақил ўзгарувчи сифатида давлатнинг таълим учун харажатлари (ЯИМга нисбатан %) ва боғлиқ ўзгарувчи сифатида камбағаллик коеффициенти (жами аҳоли сонидаги улуши, %) дан фойдаланилди. Бундан ташқари, назорат ўзгарувчилари сифатида инфляция, истеъмол нархлари (йиллик %), аҳоли сонининг ўсиш суръати (йиллик %), савдо (ЯИМдаги улуш сифатида экспорт ва импорт йиғиндиси), ялпи капитал қўйилмалар (ЯИМга нисбатан %) ва ЯИМнинг ўсиш суръати (йиллик %) дан фойдаланилди.

Баҳолаш натижалари

Ушбу тадқиқотда 2 та регрессия таҳлили ўтказилди: алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган модель (Fixed Effects model) ва тасодифий таъсирлар (Random Effects model) модели. Кейинги босқичда ушбу таҳлил учун қайси усул мос эканлигини аниқлаш мақсадида Хаусман тести ўтказилди. Алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган модель мазкур таҳлил учун ишончлироқ эканлигини кўрсатди. Бинобарин P(эҳтимоллик)-қиймати = 0,01 га тенг. У альфа (0,05) дан кичик. Бундан ташқари, мултиколлинеарлик VIF тести ўтказилди. Унда ўртача VIF қиймати 5 дан паст эканлиги ва 1,37 ни ташкил этиши аниқланди. Бу мустақил ўзгарувчилар бир-бири билан яқин корреляцияга эга эмаслигини кўрсатади. Шундан келиб чиққан ҳолда мултиколлинеарлик фарази бузилмаслигига ишонч ҳосил қилинди (1-жадвал).

1-жадвал

Камбағаллик даражасига омилларнинг таъсирини баҳолаш

Ўзгарувчилар

Ўзгармас эффектлар

(Fixed Effects)

Давлатнинг таълим соҳаси учун харажатлари

(ЯИМга нисбатан % ҳисобида)

-0.027***
(0.0029)

Аҳоли сонининг ўсиш суръати (%)

2.17
(0.81)

ЯИМнинг ўсиш суръати (%)

-0.0041***
(0.0022)

Инфляция (%)

0.004***
[0.0022]

Ялпи капитал қўйилмалар (%)

-0.013***
[0.0029]

Савдо-сотиқ

-0.0036***
(0.0027)

Константа

19.48
(1.795)

Кузатишлар сони

644

R-квадрат 

0.21

Мамлакатлар сони

52

 Манба: Жаҳон банки маълумотлари
(https://databank.worldbank.org/source/world-development-indicators)
 

Алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган (қатъий) таъсирга эга регрессия модели ёрдамида олинган натижалар давлат томонидан таълим учун ажратиладиган маблағларнинг 1% га ошиши камбағалликни 0,03% га қисқартириш имкониятини яратишини кўрсатди. Тадқиқот натижалари мавжуд адабиётлардаги натижаларга (Hidalgo-Hidalgo and Iturbe-Ormaetxe, 2018) мос келади. Уларда давлатнинг таълим тизими учун харажатлари ва камбағаллик даражаси ўртасидаги муносабатлар тадқиқ қилинган ва таълим учун харажатларнинг ортиши камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиши аниқланган. Бу шуни англатадики, ҳукумат таълим соҳасига қанча кўп сармоя киритса, унинг камбағалликликни қисқартиришга таъсири шунча кўп бўлади. Кейинги босқичда, камбағаллик ва ички инвестициялар кўрсаткичи бўлган ялпи капитал қўйилмалар (ЯКҚ) ўртасидаги боғлиқлик кўриб чиқилди. ЯКҚнинг ўсиши камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиши аниқланди. ЯКҚнинг камбағалликка ЯИМ орқали таъсир қилади. Бу ерда ЯКҚнинг ортиши ЯИМнинг ўсишига олиб келади ва бу орқали камбағалликни қисқаришга туртки беради. Шунингдек, ЯКҚ иқтисодиётдаги меҳнат унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатувчи асосий омил ҳисобланади. Бундан ташқари, ЯКҚ иқтисодий фаолиятни ривожлантириш учун инфратузилмаларни таъминлаш орқали иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатади. Натижада, ЯКҚ асосан, ЯИМ орқали камбағалликка билвосита таъсир қилади (Saleem and Zaheer, 2018). Ушбу тадқиқотда ҳам ЯИМ ўсишининг камбағалликни қисқаришига олиб келди. Иқтисодиёт ривожлангани сайин бандлик ва даромадларнинг ортиш имкониятлари ҳам кенгайиб боради. Ривожланган меҳнат бозорлари ва юқори даромад даражаси кам таъминланган оилаларга камбағалликдан чиқишда ёрдам беради (Адамс, 2003). Шунингдек, камбағаллик ва савдо-сотиқ ўртасидаги боғлиқлик ҳам ўрганилди ва савдо ҳажмининг ошиши камбағалликнинг қисқаришига олиб келиши аниқланди. Қоидага биноан, савдо даромадларни ошириб, иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида камбағалликни қисқартиради. Савдо мамлакат сотиб олаётган нарсанинг нархини пасайтириб, у сотаётган нарсанинг нархини оширади. Бу эса камбағалликни қисқартиришга ижобий таъсир қилади. (Brooks, 2003). Савдо-сотиқ ислоҳотлари экспорт секторида банд бўлиш орқали камбағалларни иш билан таъминланиш ва уларнинг даромадларини ошириш имкониятини яратиб, фойда келтириши мумкин. Бу эса пировардида камбағалликни қисқартиришда ёрдам беради (World Bank Group, 2018). Тадқиқотда, қашшоқлик ва инфляция ўртасида ижобий боғлиқлик борлиги ҳам аниқланди. Бу эса инфляциянинг ошиши камбағаллик даражасини оширишини тасдиқлайди. Юқори инфляция даражаси тенгсизлик ёки камбағалликни кучайтиради. Сабаби, у бадавлат уй хўжаликларига қараганда камбағал ёки ўртача даромадли уй хўжаликларининг даромадлари ва жамғармаларига кучлироқ таъсир қилади. Яқинда қашшоқликдан ҳалос бўлган уй хўжаликлари инфляциянинг ўсиши туфайли яна унинг домига тушиши мумкин (Gill and Nagle, 2022).

Жадвалдан кўриниб турибдики, аҳоли сонининг ўсиш суръати ўзгарувчиси статистик аҳамиятга эга эмас. Шунингдек, бу натижалар бир қанча тадқиқот ишларига мос келади.

Хулоса ва таклифлар

Эмпирик таҳлил натижаларига кўра, таълим тизими учун сарфланган маблағлар дунёда камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшади. Аввалроқ, мазкур тадқиқотда таълим учун сарфланган харажатлар улушининг ўртача қиймати 4,11% ни ташкил этган пайтда адабиётлар таҳлилида 2020-йилда Ўзбекистонда таълим тизими учун давлат харажатларининг ЯИМдаги улуши 4,92% ни ташкил этгани эслатиб ўтилганди. Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларнинг манзиллилигини яхшилаш мақсадида таълим соҳасида тенгдошларидан ортда қолаётган болалар учун қўшимча дарслар ташкил этиш учун ўқитувчиларнинг иш ҳақига субсидиялар ажратиш каби алоҳида дастурларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Шундай қилиб, таълим доим муваффақиятли келажакнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Таҳлил натижаларига кўра, таълим соҳасига бюджетдан етарли миқдорда маблағ ажратилиши, шубҳасиз, мамлакатда камбағалликни қисқартириш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Давлат харажатларини тақсимлашда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётган глобал тенденцияга риоя этган ҳолда Ўзбекистон камбағалликни сезиларли даражада қисқартириши ва узоқ муддатли истиқболда юқори кўрсаткичларга эришиши мумкин.

 

Шарифа Амриддинова,
 ПМТИ катта илмий ходими

Дилфуза Ваҳобова,
ПМТИ гуруҳ раҳбари

 

 

VII Манбалар ва адабиётлар

  1. Abuasi, N. (2020). How education in South Korea slashed poverty. The Borgen Project. Available from https://borgenproject.org/education-in-south-korea/ [Accessed 10 August 2022].
  2. Ahlburg D. (1996). Population growth and poverty. SpringerLink. Available from https://link.springer.com/chapter/10.1007/978-3-662-03239-8_7 [Accessed 22 August 2022].
  3. Akbar, M. et al. (2019). Public spending, education and poverty: a cross-country analysis. Journal of multidisciplinary approaches in science 4, 1, 12-20.
  4. Anderson, E. et al. (2018). Does government spending affect poverty? A Meta regression analysis. World development, 103, 60-71.
  5. Brooks, D. (2003). Trade and poverty: what are the connections? Asian Development Bank. Available from https://www.adb.org/publications/trade-and-poverty-what-are-connections [Accessed 16 October 2022].
  6. CGTN (2020). China focuses on education to combat poverty. CGTN. Available from https://news.cgtn.com/news/2020-05-21/China-focuses-on-education-to-combat-poverty-QDDbyBspG0/index.html [Accessed 11 August 2022].
  7. Child Fund, no date. Poverty and education. ChildFund. Available from https://www.childfund.org/poverty-and-education/ [Accessed 16 October 2022].
  8. Cision (2021). CGTN: education in China’s fight against poverty: leaving no one behind. Cision. Available from https://www.newswire.ca/news-releases/cgtn-education-in-china-s-fight-against-poverty-leaving-no-one-behind-803686449.html [Accessed 12 August 2022].
  9. GCDRC (no date). Measuring poverty. Available from https://gsdrc.org/topic-guides/poverty-and-inequality/measuring-and-analysing-poverty-and-inequality/measuring-poverty/#ravallion-chen-2013 [Accessed 12 September 2022].
  10. Hidalgo-Hidalgo, M. and Iturbe-Ormaetxe, I. (2018). Long-run effects of public expenditure on poverty. SpringerLink. Available from https://link.springer.com/article/10.1007/s10888-017-9360-z [Accessed 29 September 2022].
  11. Heckman, J. and Carneiro, P. (2003). Human capital policy. National bureau of economic research. Available from https://www.nber.org/papers/w9495 [Accessed 30 September 2022].
  12. Karam, A. (no date). Education as the pathway towards gender equality. United Nations. Available from https://www.un.org/en/chronicle/article/education-pathway-towards-gender-equality [Accessed 20 September 2022].
  13. Kelbore, Z. G. (2015). Trade openness, structural transformation, and poverty reduction: Empirical evidence from Africa. MPRA. Available from https://mpra.ub.uni-muenchen.de/65537/1/MPRA_paper_65537.pdf [Accessed 25 August 2022].
  14. Klasen, S. and Lawson, D. (2007). The impact of population growth on economic growth and poverty reduction in Uganda. Econstor. Available from https://www.econstor.eu/handle/10419/31966 [Accessed 20 August 2022].
  15. Le Goff, M. and Singh, R. J. (2014). Does trade reduce poverty? A view from Africa. ScienceDirect. Available from https://www.sciencedirect.com/science/article/pii/S2214851514000024 [Accessed 19 August 2022].
  16. Njong, A. M. (2010). The effects of educational attainment on poverty reduction in Cameroon. Journal of education administration and policy studies, 2 (1), 001-008.
  17. Sabry, S. (2016). How did Brazil reduce poverty and inequality? Mada. Available from https://www.madamasr.com/en/2016/01/21/opinion/economy/how-did-brazil-reduce-poverty-and-inequality/ [Accessed 16 August 2022].
  18. Saleem, M. and Zaheer, R. (2018). A study on influence of domestic investment on the economic growth during 1980-2016. Journal of Global Economics, 6 (3). Available from https://www.hilarispublisher.com/open-access/a-study-on-influence-of-domestic-investment-on-the-economic-growth-during-19802016-2375-4389-1000302.pdf [accessed 16 october 2022].
  19. The World Bank, no date. The role of trade in ending poverty. The World Bank Group. Available from https://www.worldbank.org/en/topic/trade/publication/the-role-of-trade-in-ending-poverty [Accessed 16 October 2022].
  20.  The World Bank, no date. Trade and poverty reduction: new evidence of impacts in developing countries. World Bank Group. Available from https://www.wto.org/english/res_e/booksp_e/wto_wbjointpublication_e.pdf [Accessed 16october 2022].
  21. UNICEF, no date. Girls’ education: gender equality in education benefits every child. UNICEF. Available from https://www.unicef.org/education/girls-education#:~:text=Girls%20who%20receive%20an%20education,strengthens%20economies%20and%20reduces%20inequality. [Accessed 20 September 2022].
  22. United Nations, no date. Poverty eradication. Department of economic and social affairs. Available from https://www.un.org/development/desa/socialperspectiveondevelopment/issues.html#:~:text=Poverty%20entails%20more%20than%20the,of%20participation%20in%20decision%2Dmaking [Accessed 16 October 2022].
  23. United Nations, no date. Ending poverty. Peace, dignity and equality on a healthy planet. https://www.un.org/en/global-issues/ending-poverty [Accessed 16 October 2022].
  24. Государственный комитет республики Узбекистан по статистике (2022). Available from https://stat.uz/ru/ [Accessed 18 August 2022].
  25. Президент Республики Узбекистан (2022). Всем выпускникам школ. Available from https://president.uz/ru/lists/view/5216 [Accessed 17 August 2022].

VIII илова

2-жадвал

Мақолада келтирилган қисқартма кўрсаткичларнинг тўлиқ номланиши ва манбалари

Ўзгарувчилар

Регрессия жадвалидаги номлар

Ўлчовлар

Манба

 

 

 

 

Қашшоқлик даражаси кунига 1,90 доллар

Қашшоқлик

(аҳоли фоизи)

World Bank,

World Development Indicators

Таʼлимга давлат харажатлари

Xаражатлар

(ЯИМга нисбатан фоиз)

World Bank,

World Development Indicators

Инфляция, истеъмол нархлари

Инфляция

(йиллик %)

World Bank,

World Development Indicators

Аҳоли ўсиши

Аҳоли

(йиллик %)

World Bank,

World Development Indicators

Савдо (экспорт ва импортнинг ЯИМдаги улуши)

Савдо

(ЯИМ га нисбатан)

World Bank,

World Development Indicators

Ялпи капитал шаклланиши

ЙКШ

(ЯИМ га нисбатан)

World Bank,

World Development Indicators

ЯИМнинг аҳоли жон бошига ўсиши (йиллик %)

ЯИМнинг ўсиши

(йиллик %)

World Bank,

World Development Indicators

Манба: Муаллиф ишланмаси

 

Мультиколлеарликни текшириш учун VIF тест натижалари

Ўзгарувчи

VIF

1/VIF

Харажатлар

1.02

0.982566

Аҳоли

1.12

0.896188

ЯИМнинг ўсиши

1.13

0.885330

ЯКҚ

1.10

0.910190

Инфляция

1.05

0.954421

Савдо-сотиқ

1.01

0.988802

Ўртача (mean) VIF

1.07

 

Манба: Муаллифнинг ҳисоб-китоблари

4-жадвал

Хаусман тести натижалари

 

Коэффициент

Хаусман квадрат тести эҳтимоли

16.811

Р-эҳтимол

.01

Манба: Муаллифнинг ҳисоб-китоблари

5-жадвал

Тадқиқотда маълумотлар базасига киритилган мамалакатлар рўйхати

1. Албания

2. Аргентина

3. Арманистон

4. Бангладеш

5. Бенин

6. Боливия

7. Болгария

8. Хитой

9. Колумбия

10. Коста-Рика

11. Кот-Д’Ивуар

12. Жибути

13. Доминикан Республикаси

14. Эквадор

15. Миср, Араб Республикаси

16. Сальвадор

17. Габон

18. Грузия

19. Гана

20. Гвинея

21. Гвинея-Бисау

22. Гондурас

23. Индонезия

24. Эрон Ислом Республикаси

25. Косово

26. Қирғизистон

 

27. Лаос ПДР

28. Лесото

29. Либерия

30. Литва

31. Мали

32. Маврикий

33. Мексика

34. Молдова

35. Мўғулистон

36. Черногория

37. Шимолий Македония

38. Покистон

39. Парагвай

40. Перу

41. Филиппин

42. Руанда

43. Сан-Томе ва Принсипи

44. Сенегал

45. Сербия

46. Серра-Леоне

47. Сомали

48. Жанубий Судан

49. Того

50. Туркия

51. Вьетнам

52. Зимбабве

 

 

 

 


[1] https://www.worldbank.org/en/topic/poverty/overview
[2] https://www.worldbank.org/en/topic/education/overview
[3] Van der Berg, Seervas Poverty and education/ International Institute for Educational Planning UNESCO International Academy of Education 2008
[4]Hanushek А. et al. Education and economic growth: it’s not just going to school, but learning something while there that matters// Spring 2008 / Education next
[5] Тадқиқотда маълумотлар базасига киритилган мамлакатлар рўйҳати Илованинг 5-жадвалида келтирилган
[6] Жаҳон банкининг маълумотлар базасида Ўзбекистон Республикасидаги камбағаллар улуши кўрсаткичи фақат 4 йил учун берилгани сабабли (1998, 2000, 2002, 2003) тадқиқотда Ўзбекистон Республикасининг маълумотлари киритилмаган.